Фарғона туманида мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами катта шодиёна билан нишонланди
×
2024-08-27 15:20:57 4076
PDF юклаш
Чоп этиш
Фарғона туманида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб “Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!” шиори остида байрам тадбирлари юқори савияда ўтказилди.
Туманнинг асосий байрам шодиёнаси “Тинчлик” МФЙдаги “Ёшларобод” ўйингоҳида бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган бу йилги тантаналарга катта тайёргарлик кўрилди. Бунга байрам иштирокчилари ҳам гувоҳ бўлди. Шукуҳли тадбирни туман ҳокими Иномов Хамидулло Таджиевич кириш сўзи билан очиб, шодиёна иштирокчилари ва уларнинг тимсолида барча туман аҳлини улуғ айём билан қизғин табриклади. Туман ҳокими мустақиллик, айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан, туманда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги ва жамият ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Байрам тантанасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Барча қалбида ўзгача ғурур ва ифтихор билан жўр бўлиб куйлади.
Тадбирнинг бадиий қисмида бадиий жамоалар, ҳарбийлар, ёш ижодкорлар ва сўз усталарининг чиқишлари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.
Байрам тадбири ўзига хос мушакбозлик билан якунига етди. Юртдошларимизга аъло кайфият ва байрам шукуҳини ҳадя этаётган тантаналар туманнинг барча маҳаллалари ва меҳнат жамоаларида давом этмоқда.