Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
МЕРОСНИ ЭГАЛЛАШ ЁХУД УНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
2022-05-10 18:43:55 1906
Ҳозирги кунда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни кўришда Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларини (ФК 113-128 - моддалари) қўллаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар ҳам учраб турибди. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани битим ёки битим эмаслиги масаласида турлича ёндошувлар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Баъзилар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани битим деб ҳисоблашса, бошқалар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани битим эмаслиги ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини билдирилмоқда. Шунинг учун, ушбу масала баҳс талаб мавзу деб ҳисоблаймиз ҳамда мазкур масала юзасидан айрим фикр ва мулоҳазаларни баён қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасига кўра, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади деб кўрсатилган. Асосий қомусимиз бўлган конституциямизда мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатлаб қўйилган бўлиб, ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлими ворислик ҳуқуқига бағишланганлигидан англашимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 69-бобида меросни эгаллаш кўрсатилган бўлиб, унинг 1145-моддасида умумий қоидалар белгилаб берилган. Унга кўра: меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1146-моддасида меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш кўрсатилган бўлиб, унга кўра: мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодексининг (1963 йилдаги таҳрири) 598-моддасида мероснинг қабул қилиниши кўрсатилган бўлиб, унга кўра: меросни олиш учун ворис уни қабул қилиши лозим. Меросни маълум шарт қўйиб қабул қилишга йўл қўйилмайди. Қабул қилинган мерос, мероснинг очилган кунидан эътиборан ворисга тегишли бўлиб ҳисобланади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодексининг (1963 йилдаги таҳрири) 599-моддасида мероснинг қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳаракатлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра: мерос очилган вақтдан эътиборан олти ой давомида мерос мулкни эгаллашга ёки идора қилишга ҳақиқатан киришган ёхуд мерос очилган жойдаги давлат нотариал конторага меросни қабул қилганлиги тўғрисида ёки меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилиши ҳақида (ушбу Кодекснинг 610-моддаси) ариза берган ворис меросни қабул қилган ҳисобланади. Бошқа ворислар бўлмагани ёки улар меросни қабул қилмаганлари ҳолдагина ворислик ҳуқуқига эга бўла оладиган шахслар, ўзларининг келажакда ворис бўлиш-бўлмасликларидан қатъий назар, меросни қабул қилишга рози бўлганликлари тўғрисида, шу кўрсатилган муддат давомида, мерос очилган жойдаги давлат нотариал конторага ариза беришлари мумкин деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири) қоидаларига кўра, меросни олиш учун ворис уни қабул қилиш лозим (598-модда)лиги кўрсатилган. Мероснинг қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳаракатларга мерос очилган вақтдан эътиборан олти ой давомида мерос мулкни эгаллашга ёки идора қилишга ҳақиқатан киришган ёхуд мерос очилган жойдаги давлат нотариал конторага меросни қабул қилганлиги тўғрисида ёки меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилиши ҳақида ариза берган ворис меросни қабул қилган ҳисобланади (599-модда). Гражданлик кодекси қоидаларига кўра, кимга мерос керак бўлса, мерос олиши учун мерос очилган вақтдан эътиборан олти ой давомида ворислар уни қабул қилишлари лозим эди. Шунинг учун ҳам, меросни қабул қилиш бу бир томонлама битим ҳисобланади.
Амалдаги Фуқаролик кодексида мерос очилган вақт билан уни қабул қилиш вақти ўртасида муайян давр ўтиши сабабли мерос мол-мулкнинг ҳуқуқий режими ўз хусусиятларига эга бўлади. Мазкур даврда у ҳали муайян мулкдорга тегишли бўлмайди ва турган, яъни мулкдорни «кутаётган» мерос ҳисобланади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги ариза икки вазифани бажаради: у меросхўрнинг меросни қабул қилишга бўлган хоҳишини тасдиқлайди ҳамда айни бир вақтда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш учун асос бўлади. Меросни қабул қилиш вақтидан қатъий назар, мерос мулкни мерос очилган пайтдан қабул қилинган бўлиб ҳисобланади. Меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса, уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васиятнома ҳақиқий эмас деб топилмаса меросхўр мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат мерос ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома - битим эмас балки, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги аризагина битим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддасида низоли ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъий назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим). Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ушбу Кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкин. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 114-моддасида битимлар ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари тўғрисидаги умумий қоидалар кўрсатилган бўлиб, унга кўра, ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир. Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома битим бўлганида, ФКнинг 113-114-моддаларини қўллаб, битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаб мулкни дастлабки ҳолатига келтириши мумкин эди. Бироқ, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома битим эмас. Унга нисбатан ФКнинг 113-128-моддалари яъни битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги қоидалар қўлланилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 101-моддасида битимлар тушунчаси кўрсатилган бўлиб, унга кўра, битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 102-моддасида битим турлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин. Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади. Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 103-моддасида бир тарафлама битимларни ҳуқуқий тартибга солиш кўрсатилган бўлиб, унга кўра, бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонунларда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина бурчлар келтириб чиқариши мумкин. Бир тарафлама битимларга нисбатан, башарти қонун ҳужжатларига, битимнинг табиати ва моҳиятига зид бўлмаса, мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар (ушбу Кодекснинг III бўлими) тегишинча қўлланилади деб кўрсатилган.
Битимнинг моҳияти субъектнинг эрк изҳорига асосланган, унинг негизида унинг иродаси ётади. Эрк изҳори шахснинг қўйилган мақсадга эришиш йўлига йўналтирилган ва асосланган истагидир. Битим субъектларининг эрк-иродаси мазмуни ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсири остида шаклланади. Эрк изҳори – шахснинг ўз ифодасини ташқарига баён этмоғи бўлиб, шу орқали бошқа шахслар ҳам ундан воқиф бўлишлари мумкин бўлади. Эрк изҳори битимнинг айнан моҳиятидир. Шу сабабли, умумий қоидага кўра, барча ҳуқуқий оқибатлар эрк изҳори билан боғланади. Ушбу нормага мувофиқ бир тарафлама битим уни тузган субъектлар учун мажбуриятларни юзага келтиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги №5-сонли “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарорининг 8-банди 3-хатбошига кўра, васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилишлари лозим (ФК 113-128 - моддалари) деб кўрсатилган.
Юқоридаги Пленум қарорининг 10-бандига кўра, судларнинг эътибори шунга қаратилсин-ки, васиятнома ва унинг асосида берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай талаблар бўйича суд томонидан келишув битими тасдиқланишига, у қонунга зид бўлиши туфайли (ФПК 169-моддасининг биринчи қисми) йўл қўйилмайди деб кўрсатилган.
Юқоридаги Пленум қарорининг 19-бандининг 3-хатбошига кўра, меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФК 113-128 - моддалари) деб кўрсатилган.
Пленум қарорига кўра, васиятнома ва меросдан воз кечиш тўғрисидаги аризани ҳақиқий эмас деб топишда ФК 113-128-моддалар қўлланишини кўрсатмоқда. Бироқ, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигини кўрсатса-да, ФКнинг 113-128-моддаларини қўллаб ҳақиқий эмас деб топишни кўрсатмаган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг қоидаларига кўра, васиятнома, меросдан воз кечиш ҳақидаги ариза, ишончнома булар барчаси битим ҳисобланади. Битимларни ҳақиқий эмас деб топишда ФКнинг 113-128-моддалари қўлланилади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишда ФКнинг 113-128-моддалари яъни битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги қоидалар қўлланилмайди. Чунки, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома битим эмас. Буни бошқача талқин қилиш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 69-бобида меросни эгаллаш қоидалари кўрсатилган бўлиб, ворис меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома орқали меросни эгаллайди. Васият ёки қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни ҳақиқий эмаслиги қачонки нотариус томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг ворислик ҳақидаги ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Нотариат тўғрисидаги қонун, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг қоидаларига зид равишда васият ёки қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштириши унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради ҳамда суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилади.
Шунингдек, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада марҳумнинг хоҳиши, эрк изҳори ва иродаси мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома битим эмас ва уни ҳақиқий эмас деб топишда ФКнинг 113-128-моддалари яъни битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги қоидалар қўлланилмайди. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома меросни эгаллаш учун восита ҳисобланади.
Хулоса ўрнида, биринчидан, амалдаги Фуқаролик кодексининг ва Гражданлик кодекси(1963 йилдаги таҳрири)нинг меросни қабул қилиш (меросни эгаллаш) ўртасидаги фарқлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида мероснинг қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳаракатларга қуйидагилар киради: меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги ариза ҳисобланиб, у икки вазифани бажаради, у меросхўрнинг меросни қабул қилишга бўлган хоҳишини тасдиқлайди ҳамда айни бир вақтда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси(1963 йилдаги таҳрири)да мероснинг қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳаракатларга қуйидагилар киради: мерос очилган вақтдан эътиборан олти ой давомида мерос мулкни эгаллашга ёки идора қилишга ҳақиқатан киришган ёхуд мерос очилган жойдаги давлат нотариал конторага меросни қабул қилганлиги тўғрисида ёки меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилиши ҳақида (ушбу Кодекснинг 610-моддаси) ариза берган ворис меросни қабул қилган ҳисобланади(ГК 599-м).
Иккинчидан, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат мерос ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома - битим эмас балки, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги аризагина битим ҳисобланади.
Учинчидан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексидаги меросни қабул қилиш ҳақидаги битимларга: 1.меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги ариза.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси(1963 йилдаги таҳрири)даги меросни қабул қилиш ҳақидаги битимларга: 1.Мерос мулкни эгаллашга ҳақиқатан киришган, 2. Мерос мулкни идора қилишга ҳақиқатан киришган, 3.Мерос очилган жойдаги давлат нотариал конторага меросни қабул қилганлиги тўғрисида ариза, 4.Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилиши ҳақида ариза.
Тўртинчидан, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топишда битимлар ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари тўғрисидаги қоидалар қўлланилмайди. Чунки, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома битим эмас.
Бешинчидан, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақидаги аризани фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФК 113-128 - моддалари).
Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 29 августдаги №257-I-сонли “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги Қарорининг 12-бандига кўра, Кодекс 1112 — 1157-моддаларининг қоидалари Кодекс амалга киритилгунга қадар очилган бўлиб, аммо 1997 йилнинг 1 мартига қадар меросхўрларнинг ҳеч бири томонидан қабул қилиб олинмаган ва мерос ҳуқуқи бўйича давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтказилмаган меросга нисбатан ҳам татбиқ этилади деб кўрсатилган бўлиб, 1997 йил 1 мартга қадар очилган мерос меросхўрларнинг томонидан мерос мулкни эгаллашга ёки идора қилишга ҳақиқатан киришган, мерос очилган жойдаги давлат нотариал конторага меросни қабул қилганлиги тўғрисида ариза, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилиши ҳақида ариза берган ворис меросни қабул қилган ҳисобланганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири) қоидалари қўлланилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Instagram |
Youtube |
Telegram