Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Меҳнат қонунчилигида аналогия ҳақида айрим мулоҳазалар
2022-09-28 17:16:25 850
Кундан кунга ҳуқуқ соҳасида баҳс талаб масалалар ортиб бораётганини кўриш мумкин, бироқ, баҳс талаб масалани ечиш ва тўғри йўлни танлаш мушкуллиги барчамизга аён. Жумладан, меҳнат низоларида аналогия ҳақида ҳамма ҳар хил фикр ва мулоҳазаларни билдирмоқда.
Меҳнат низолари юзасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари манфаатдор шахснинг манфаатини кўзлаб судга даъво ариза ва аризалар билан мурожаат қилишмоқда. Бироқ, туман (шаҳар) адлия бўлимлари юридик шахс бўлмаса-да, уларнинг судга даъвогар ёки аризачи сифатида даъво ва аризалар киритиши ва қатнашиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги ҳақида турлича мушоҳадалар мавжудлигини кўриш мумкин. Баъзилар туман (шаҳар) адлия бўлимлари юридик шахс бўлмаса-да, судга даъвогар ёки аризачи сифатида қатнашиши мумкин деб ҳисоблашса, бошқалар эса бунга қарама қарши ўлароқ меҳнат қонунчилиги қатъий ёзилганлигини бунинг имкони йўқлигини билдиришмоқда, бошқа бир учинчи тараф меҳнат қонунчилигида мавжуд бўлмаган қоидалар фуқаролик қонунчилигида мавжуд бўлса меҳнат низоларида аналогия қоидаларида фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларни билдиришмоқда. Айнан қайси фикр ва мулоҳаза қонун талабига мос тушишини беихтиёр ўйлаб қоласиз? Шунинг учун, ушбу масалалар баҳс талаб мавзу деб ҳисоблайман ҳамда мазкур масалалар ҳақида айрим фикр ва мулоҳазаларни билдирдим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига кўра, Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларига эгадирлар. Туман (шаҳар) адлия бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, давлат хизматлари марказлари ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда — ФҲДЁ органлари) юридик шахс ҳисобланмайди, мол-мулкка, хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувда алоҳида мол-мулкка эга бўлмайди. ФҲДЁ органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳр ва бланкаларга эга бўладилар деб кўрсатилган.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 1-моддасида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар кўрсатилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик ва ижроия органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлардан иборатдир. Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда, шунингдек айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунлари кодекси (1971 йилдаги таҳрири)нинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунлари ушбу Кодекс ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг меҳнатга доир бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир деб кўрсатилган.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 2-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисмига кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади. Мазкур моддасининг 5-қисмига кўра, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларга жавоб берадиган оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)нинг 2-моддасида Ўзбекистон Республикаси гражданлик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатлар кўрсатилган бўлиб, унинг 4-қисмига кўра, оила, меҳнат, ерга оид муносабатлар, сувдан фойдаланиш бўйича бўладиган муносабатлар, шунингдек колхозларда уларнинг уставидан келиб чиқадиган муносабатлар, тегишинча, оила, меҳнат, ер, сув ва колхоз қонунлари билан тартибга солинади деб кўрсатилган.
Қонуншунос Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)нинг 2-моддасидан фарқли ўлароқ, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддасида оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилишини белгилаб берган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-моддаси оилавий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатларининг қўлланилиши кўрсатилган бўлиб, унга кўра, оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган оила аъзолари ўртасидаги мулкий ва шахсий номулкий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаган тақдирдагина қўлланилади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 1-моддасида уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари кўрсатилган бўлиб, унинг 2-қисмига кўра, агар уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган бўлса, ерга оид қонун ҳужжатлари ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ана шу муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисми қўлланилади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини Оила кодекси ва Уй-жой кодексига солиштирадиган бўлсак, Оила кодексида 6-моддаси ва Уй-жой кодексининг 1-моддаси 2-қисми мавжуд бўлиб, мазкур қоидаларга ўхшаш нормалар Меҳнат кодексида мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунлари кодекси (1971 йилдаги таҳрири) ва амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексларида: “Меҳнат муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилиши” каби нормаси мавжуд эмас.
Бироқ, мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддаси 5-қисмида назарда тутилган. Бу нимани англатади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунлари кодекси (1971 йилдаги таҳрири) ва Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)ларида мазкур кодекслар бир-бирларига нисбатан аналогия ёки ҳавола қилиш принципи мавжуд эмаслиги билан ажралиб турадики яъни фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни фақат Гражданлик кодекси, меҳнат ҳуқуқий муносабатларни эса фақат Меҳнат қонунлари кодекси тартибга солишини белгилаб берилган, бу қоидани ГКнинг 2-моддаси 4-қисмида белгилаб қўйилганлигидан ҳам англаш мумкин.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддаси 5-қисмидаги меҳнат муносабатларига оид қоидаси худди: “кириш бор-у, чиқиш йўқ” яъни меҳнат ҳуқуқий муносабатларга нисбатан Фуқаролик кодекси қўлланилади-ю, лекин, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга нисбатан Меҳнат кодекси қўлланилмайди. Эски таҳрирдаги ГК ва МҚКларда ўтиш умуман мавжуд бўлмаган бўлса-да, амалдаги ФК ва МКларда ўтиш бир тарафлама қилиб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 2-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар кўрсатилган бўлиб, унинг 2-қисмига кўра, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари бўладилар деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 11-моддасида турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кўрсатилган бўлиб, унинг 2-қисмига кўра, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат турар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг субъектларидир деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекснинг 14,15,19,20-моддаларда меҳнат оид муносабатларнинг субъектлари кўрсатилган бўлиб, улар: ходим, иш берувчи, меҳнат жамоаси, касаба уюшмалари, уларнинг корхонадаги сайлаб қўйиладиган органлари, ходимлар томонидан сайлаб қўйиладиган бошқа органлар, иш берувчиларнинг вакиллик органлари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари сифатида қатнаша оладилар деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекснинг 268-моддасида меҳнат низосини кўришни сўраб судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кўрсатилган бўлиб, унга кўра, қуйидагилар меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар: 1) ходим, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи; 2) меҳнатнинг ҳуқуқ бўйича инспектори; 3) иш берувчи, меҳнат низолари комиссиясининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, шунингдек унга ходим томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги низолар бўйича; 4) прокурор деб кўрсатилган.
МКнинг 268-моддасида адлия бошқармаси ёки туман (шаҳар) адлия бўлимлари кўрсатилмаган.
Фуқаролик, уй-жой, меҳнат ҳуқуқий муносабатнинг ҳар бирининг ўзини субъекти мавжудлигини кўришимиз мумкин. Адлия иш берувчи сифатида меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, адлия иш берувчи сифатида эмас балки меҳнат низоларида бирон-бир шахснинг манфаатини кўзлаб судга мурожаат қилиши мумкинми?
Меҳнат қонунчилигида бу саволга жавоб йўқ. Бу ерда ёрдамга фуқаролик қонунчилиги қоидалари келади. Масалага ечим ФКнинг 2-моддаси 5-қисмини бўлади. Туман (шаҳар) адлия бўлимлари юридик шахс ҳисобланмаслиги ва вилоят адлия бошқармалари юридик шахс ҳисобланишини инобатга олиб, фақат юридик шахс ҳисобланган вилоят адлия бошқармалари номидан махсус ишончнома билан туман (шаҳар) адлия бўлимлари судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу ерда даъво аризада даъвогар сифатида вилоят адлия бошқармалари кўрсатилади ҳамда даъво аризани имзолаш ваколатини олган туман (шаҳар) адлия бўлимлари даъво аризани имзолаб бошқарма номидан судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Хулоса ўрнида, биринчидан, меҳнат муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 2-моддаси 5-қисми орқали фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилади.
Иккинчидан, туман (шаҳар) адлия бўлимлари юридик шахс ҳисобланмаслиги сабабли меҳнат муносабатларида бирон бир шахснинг манфаатини кўзлаб даъвогар сифатида судга мурожаат қилиши мумкин эмас (ўзи иш берувчи бўлган ҳолатлар бундан мустасно).
Учинчидан, юридик шахс ҳисобланган вилоят адлия бошқармалари номидан махсус ишончнома билан туман (шаҳар) адлия бўлимлари судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу ерда даъво аризада даъвогар сифатида вилоят адлия бошқармалари кўрсатилади ҳамда даъво аризани имзолаш ваколатини олган туман (шаҳар) адлия бўлимлари даъво аризани имзолаб бошқарма номидан судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 1-моддасига 4-қисм билан тўлдириш орқали “Меҳнат муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади” деб тўлдириш киритиш керак.
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекснинг 268-моддасига 1-қисмини 5-банд билан тўлдириш орқали “қонунчиликда назарда тутилган ташкилотлар” ёки “адлия органлари” деб тўлдириш киритиш керак.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров