Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
БИТИМЛАРНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР
2022-10-31 17:39:31 646
Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда фуқаролик судлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари нормаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига амал қилиб келмоқда.
Шу билан бирга айрим масалаларда жузъий камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Жумладан, олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда турлича фикр ва мулоҳазаларни кўриш мумкин. Баъзилар, олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақли деб ҳисобласалар, бошқалар, битимларнинг ҳақиқий эмаслиги иккига бўлинишини яъни ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ва низоли битимларга бўлинишини, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкинлигини, низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни Фуқаролик кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкинлиги ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини билдиришмоқда. Шунинг учун, ушбу масала баҳс талаб мавзу деб ҳисоблайман ҳамда мазкур масала юзасидан айрим фикр ва мулоҳазаларни баён қиламан.
Мисол учун, даъвогар А.А. жавобгар Р.Р.га нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган. Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажримига кўра, биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантиришдан рад қилинган. Янги ҳал қилув қарори қабул қилиш учун асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги №17-сонли “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги қарорининг 17-бандига кўра, олди-сотди шартномаси унинг иштирокчилари учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириши боис мазкур шартноманинг ҳақиқийлигини қонунда белгиланган асослар бўйича фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақлидирлар деб кўрсатилган қоидадан келиб чиқиб, мазкур ҳолатда даъвогар А.А. шартнома иштирокчиси ҳисобланмаслиги асоси билан даъво ариза қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддасида низоли ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим). Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ушбу Кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкин. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)нинг 6-моддасида гражданлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўрсатилган бўлиб, унга кўра, гражданлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, белгиланган тартибда, суд, арбитраж ёки ҳакамлар суди томонидан: бу ҳуқуқни тан олиш; ҳуқуқ бузилишидан аввалги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ҳаракатларга чек қўйиш; бурчни натура шаклида бажаришга мажбур қилиш; ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш; ҳуқуқни бузган шахсдан етказилган зарарларни, қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда эса – неустойка (штраф, пеня)ни ундириб олиш йўли билан; шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа усуллар билан амалга оширилади деб кўрсатилган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеясининг 29.10.1994 йилдаги қарори билан тасдиқланган “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар учун Фуқаролик кодексининг модели (1-қисм)”ни тавсиявий қонунчилик ҳужжати сифатида қабул қилинган. Мазкур Фуқаролик кодексининг модели (1-қисм)нинг 12-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисми 4-бандига кўра, битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш кўрсатилган.
Амалда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисм 3-бандига кўра, фуқаролик ҳуқуқлари битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш йўллари билан ҳимоя қилинади деб кўрсатилган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлардан Тожикистон Республикаси, Арманистон Республикаси, Россия Федерациясининг Гражданлик кодексидаги фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бирини: низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллаш деб кўрсатилган.
Юқоридагиларни ўқиб чиқиб, ўринли савол туғилади. Нима сабабдан амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасидаги фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулини: “низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллаш” деб белгиланмаган?
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)нинг 6-моддасида битимларга оид ҳимоя қилиш усули мавжуд эмаслигини кўришимиз мумкин. Бу қоида янгилик сифатида амалдаги ФКда қўлланилган. Бироқ, бу қоиданинг лойиҳаси қаердан олинган? Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеясининг 29.10.1994 йилдаги қарори билан тасдиқланган Фуқаролик кодексининг модели (1-қисм)данми? Лекин, бирор-бир адабиётда бу ҳақда маълумотлар мавжуд эмас. Шу билан бирга, мазкур йиғилишда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларидан Ўзбекистон Республикаси қатнашмаганлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Чунки, фақат 2019 йилдагина Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 мартдаги ЎРҚ-523-сонли “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияни (минск, 1995 йил 26 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинган.
Англаганимиздек, амалдаги ФКнинг 11-моддасидаги битимларга оид фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилиш усули билан Фуқаролик кодекси модели (1-қисм)нинг 12-моддасидаги битимларга оид фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилиш усулларини солиштирадиган бўлсак уларда фарқли жиҳатлар мавжуд эмаслигини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги №17-сонли “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги қарорининг 17-бандига кўра, олди-сотди шартномаси унинг иштирокчилари учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириши боис мазкур шартноманинг ҳақиқийлигини қонунда белгиланган асослар бўйича фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақлидирлар деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги №17-сонли “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги қарорининг тузилишига кўра: 25 банддан иборат бўлиб, унга назар ташлайдиган бўлсак, “низоли битим” ва “ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим” каби сўзлар деярли ишлатилмаган. Ҳолбуки, мазкур Пленум қарори ФК амалга киритилганидан кейин 9 йил ўтиб қабул қилинмоқда. ГК (1963 йилдаги таҳрири)да ҳам “низоли битим” ва “ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим” каби сўзлар ишлатилмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги №269-сонли “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига кўра, ФК 113-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, битим ФКда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, у ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бунда судлар инобатга олишлари керакки, ФК ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво бериш имкониятини истисно этмайди. Мазкур пленум қарорининг 7-бандига кўра, судлар шуни назарда тутишлари лозимки, низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб фақат ФКда кўрсатилган шахслар томонидан тақдим этилиши мумкин. Шу боис, суд муҳокамаси давомида даъвогарда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги аниқланса, даъвони қаноатлантириш рад этилади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги №269-сонли “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг тузилишига кўра: 33 банддан иборат бўлиб, унга назар ташлайдиган бўлсак, “низоли битим” сўзлари 4 маротаба ва “ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим” сўзлари 20 маротаба ишлатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги №269-сонли “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 22-бандига кўра, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатлари даъвогарнинг ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилганидан кейин ҳам, бундай қарор мавжуд бўлмаганда ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай қарор мавжуд бўлмаганда, судлар битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашни қарорнинг асослантирувчи қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим факти мавжудлиги тўғрисидаги хулосалари билан асослаб беришлари лозим деб кўрсатилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисм 3-бандига кўра, фуқаролик ҳуқуқлари битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш йўллари билан ҳимоя қилинади деб кўрсатилган. ФКнинг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари кўрсатилган бўлиб, фуқаролик ҳуқуқлари битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш йўли билан ҳимоя қилинади деб кўрсатилган. Бунда қонун ҳимоя қилиш усулини иккига бўлмаганлигини яъни низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллашни назарда тутмаганлигини, у низоли битим бўладими ёки ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим бўладими уни ҳақиқий эмас деб топиш орқали фуқаролик ҳуқуқи ҳимоя қилинади.
Битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жадвал.
I. НИЗОЛИ БИТИМ |
|||
№ |
Моддалар |
Ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаш усуллари |
Даъво қилиш ҳуқуқи |
118-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахс томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (ота-онаси, фарзандликка олувчилар ёки ҳомийси) |
|
120-модда. Муомала лаёқати чекланган фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (ҳомийси) |
|
121-модда. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (фуқаро томонидан тузилган битим шу фуқаронинг ёки ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бундай битимни тузиш натижасида бузилган бошқа шахслар, васийси) |
|
122-модда. Янглишиш таъсирида тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тараф) |
|
123-модда. Алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (жабрланувчи) |
|
124-модда. Қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги (КЎЗБЎЯМАЧИЛИК БИТИМИ) 2-қисми, Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади. |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (битим тарафлари) |
|
125-модда. Юридик шахс ҳуқуқий лаёқатидан ташқарига чиқадиган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (муассиси иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органи) |
|
126-модда. Битим тузиш ваколатларини чеклаш оқибатлари |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас |
ФКда кўрсатилган шахслар (битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахс) |
|
II. ЎЗ-ЎЗИДАН ҲАҚИҚИЙ БЎЛМАГАН БИТИМ |
|||
116-модда. Қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли |
Ҳар қандай манфаатдор шахс |
|
117-модда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли |
Ҳар қандай манфаатдор шахс |
|
119-модда. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли |
Ҳар қандай манфаатдор шахс |
|
124-модда. Қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги (ҚАЛБАКИ БИТИМ) 1-қисми, Юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. |
Суд ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли |
Ҳар қандай манфаатдор шахс |
Хулоса ўрнида, биринчидан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисм 3-бандини қуйидагича ўзгартириш киритиш яъни: “низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллаш” деб ўзгартириш киритиш керак.
Иккинчидан, олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақли деб талқин қилиш эмас, балки, низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни Фуқаролик кодексда кўрсатилган шахслар қўйиши мумкин ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин деб талқин қилиш керак.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги №17-сонли “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги №269-сонли “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорларини бирлаштириб юбориш орқали ягона пленум қарорини қабул қилиш керак.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров