Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 76 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЭГАЛИК ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ ВУЖУДГА КЕЛТИРУВЧИ МУДДАТ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

×

 2022-11-10 17:29:19    1140

PDF юклаш
Чоп этиш


Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ҳақидаги қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида ўз ифодасини топган. Мазкур норма бир неча йилдан буён баҳсли мавзу бўлиб келаётганлиги ҳаммамизга маълум бўлиб, ушбу низони ҳал қилишда фуқаролик судлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига амал қилиб келмоқда.

        Шунингдек, айрим масалаларда камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ҳақида турлича фикр мулоҳазаларни кўриш мумкин. Баъзилар, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ҳақида миллий қонунчиликнинг зарурий шарти сифатида қарашларини билдиришса, бошқалар, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат - мулк ҳуқуқи муддатсиздир деб кўрсатилган нормага зид эканлигини, қонунда фақат “маҳрум қилиш” назарда тутилганлигини, мулк ҳуқуқини бу тарзда ўтиши англашилмаганлиги ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини билдиришмоқда. Шунинг учун, ушбу масала баҳс талаб мавзу деб ҳисоблайман ҳамда мазкур масала юзасидан айрим фикр ва мулоҳазаларни баён қиламан.

        Мисол учун, аризачи РРнинг эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида мулк ҳуқуқини олиш ҳақидаги аризаси суднинг 2014 йилда ҳал қилув қарорига асосан даъво талаби қаноатлантирилиб, Бешариқ туманидаги Норин кўчаси 1-уй-жойга нисбатан РРнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Аниқланишича, чет эл фуқароси - мулкдор ДД 1992 йилда бошқа давлатга кетганлигини, 2021 йилда Ўзбекистонга қайтиб келиб ўзининг уй-жойига борса бошқа одамлар яшаётганлигини, бу уй-жой қўлма-қўл бўлиб учинчи одамга ўтганлигини, сўраб суриштирса суднинг 2014 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан мулк ҳуқуқи РРга белгиланиб берилганлигини билган. Иш апелляция ва кассация инстанциясида кўрилмаган.   

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги янги институтлардан бирини ташкил қилади. Маълумки, собиқ совет фуқаролик ҳуқуқида бундай институт мавжуд бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)да ҳам мазкур институт бўлмаган эди. Собиқ совет даврининг фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи ушбу асоснинг бўлмаганлигини сабаби ўша даврда давлат мулкининг бошқаларга нисбатан устуворлиги асосида у ёки бу сабабларга кўра эгасиз бўлиб қолган ёки эгаси номаълум бўлган ашёлар давлат мулкига ўтиб кетар эди. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат (рус тилида: приобретательная давность) Фуқаролик кодексдан жой олган янги институтлардан (ФК 187-м.) бири бўлиб, амалда мавжуд ҳақиқий, лекин норасмий мулкий муносабатларга юридик аҳамият бериш билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларида барқарорлик ўрнатишга қаратилади деб ёзилган гапларни;

Ўтмишда, яъни СССР даврида тайёр қонунлар марказдан юборилиб, қонун лойиҳаси устида ишлаш учун ҳожат қолмасди. Бир ҳисобдан қулай эди, ортиқча бош қотиришга ўрин қолмас эди. Лекин, бунинг оқибати яхши бўлмади, республикада қонунчилик тажрибасининг ривожланишига тўсқинлик қилди. Унинг устига, марказда қабул қилинган ва республикалар учун мажбурий қонунлар шакл ва мазмун жиҳатдан бир хил бўлиб, СССР таркибидаги республикалар халқларининг миллий қадрият ва манфаатлари, урф-одатлари, анъаналари, турмуш тарзи ва даражаси эътиборга олинмаган ҳолда ва бир хил андозада тартибга солинарди деб ёзилган гапларни талабалигимда ўқиганлигим ёдимга тушди.

Бироқ, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатни қўллашда ҳақиқий фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда нималар юз берди? Мазкур қоида (ФК 187-м.)нинг мукаммал эмаслиги, унинг ноаниқлиги, бошқа нормалар билан зиддиятли эканлиги оқибатида низоларнинг ҳажми ошишига олиб келди.

        Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеясининг 29.10.1994 йилдаги қарори билан тасдиқланган “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар учун Фуқаролик кодексининг модели (1-қисм)”ни тавсиявий қонунчилик ҳужжати сифатида қабул қилинган. Мазкур Фуқаролик кодексининг модели (1-қисм)нинг 224-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатилган бўлиб, амалдаги ФКнинг 187-моддаси билан солиштирадиган бўлсак деярли фарқ қилмаслигини (мазмун ва моҳият ўша) кўришимиз мумкин. Лекин, бирор-бир миллий адабиётларда бу ҳақда маълумотлар мавжуд эмас.

        29.10.1994 йилдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси йиғилишининг кун тартибида 17 та масала қўйилган бўлиб, шундан 3 таси кун тартибидан олинган экан. Мазкур йиғилишда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларидан Ўзбекистон Республикаси қатнашмаганлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Чунки, фақат 2019 йилдагина Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 мартдаги ЎРҚ-523-сонли “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияни (Минск, 1995 йил 26 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинган.

        Назаримда амалдаги ФКнинг лойиҳасини тайёрлашда унинг баъзи-бир моддаларини Фуқаролик кодексининг моделидан олинган кўринади.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф-5464-сонли “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши бўйича ўтказилган таҳлил Фуқаролик кодексида, авваламбор, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, халқаро рейтингларда мамлакат ўрнини яхшилашга салбий таъсир кўрсатувчи жиддий камчилик ва бўшлиқларни аниқлашга имкон берди деб бежиз кўрсатилмаган.

        Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган QL-920/20 ва QL-121/21-5-сонли Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг лойиҳаларида ҳам 187-моддаси эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат мавжудлигини кўришимиз мумкин.

        ФКнинг QL-920/20-сонли лойиҳасининг 188-моддасида ва QL-121/21-5-сонли лойиҳасининг 189-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатилган бўлиб, унга кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат), агар қонунда бошқача муддат белгиланган бўлмаса деб кўрсатилган.

Мазкур лойиҳаларда кўрсатилган “агар қонунда бошқача муддат белгиланган бўлмаса” деб кўрсатилган қоида орқали эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи бошқача муддат кўрсатмоқчилиги кўринади.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сонли “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда Тадбир номи: Мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатларни қайта кўриб чиқиш. Амалга ошириш механизми: Қонун лойиҳаси. Лойиҳада қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади: мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатларни қисқартириш; мол-мулк жойлашган ҳудуд ва ушбу мол-мулкка эгалик қилиб келаётган шахснинг доимий яшаш жойига нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи дифференциал муддатларни белгилаш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатлар асосида мулк ҳуқуқи қайси ҳолатларда суд томонидан ва қайси ҳолатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эътироф этилишини белгилаш. Ижро муддати 2022 йил декабрь деб кўрсатилган.

        Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси 2-қисмига кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин деб кўрсатилган.

        Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчаси кўрсатилганлигини, унга кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир деб кўрсатилган.

        Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатилган бўлиб, унга кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат) деб кўрсатилган.

        Ўзбекистон Республикасининг 1990 йил 31 октябрдаги №152-XII-сонли “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”га қонуннинг 5-моддасида мулк шакллари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасида мулк қуйидаги шаклларда бўлади: хусусий мулк; ширкат (жамоа) мулки; маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкидан (коммунал мулкдан) иборат давлат мулки; аралаш мулк; бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар юридик ва жисмоний шахсларининг мулки. Ўзбекистон Республикаси барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилишини кафолатлайди деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги ЎРҚ–336-сонли «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 2-моддасида хусусий мулк ҳуқуқи кўрсатилган бўлиб, унга кўра, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин деб кўрсатилган.

Мазкур қонунинг 7-моддасида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги кўрсатилган бўлиб, унга кўра, мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонунчиликдаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади деб кўрсатилган.

Кўриб турганингиздек, миллий қонунларга асосан мулк ҳуқуқи муддатсиз эканлигини, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкинлигини, Конституцияда ҳам “эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олиш” қоидаси мавжуд эмаслиги, фақат “мулкидан маҳрум этилиш” қоидаси ишлатилганлигини, ФКнинг 187-моддасида эса “мулк ҳуқуқини олиш” қоидаси ишлатилганлигини - “мулкидан маҳрум этилиш” қоидаси ишлатилмаганлигини, “мулк ҳуқуқини олиш” билан “мулкидан маҳрум этилиш” қоидалари бир-биридан тубдан фарқ қилишини, ФКнинг 164-моддасида мулк ҳуқуқи муддатсиздир деб кўрсатилганлигини бироқ, ФКнинг 187-моддасида мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олишини кўрсатилганлигини, бу нормалар бир-бирига зиддиятли эканлигини, хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилишини, бу ерда мулкдор бўлмаган шахсни эмас балки мулкдорни назарда тутилганлигини, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлигини инобатга олиш лозим бўлади.  

        Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 январдаги №8-сонли қарори билан тасдиқланган “Эгасиз турар жойларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 2-бандига кўра, эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган турар жойлар эгасиз турар жой деб эътироф этилади. Мазкур Низомга мувофиқ эгасиз турар жой деб эътироф этилган турар жойлар суд қарори асосида давлат мулкига ўтказилади.

        13-бандига кўра, эгасиз турар жойлар ҳисобга қўйилган кундан бошлаб қонунчиликда белгиланган уч йиллик муддат тугагандан кейин шаҳар (туман) ҳокимлиги турар жойни эгасиз турар жой деб эътироф этиш ва давлат мулкига ўтган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилади.

        14-бандига кўра, белгиланган тартибда эгасиз деб эътироф этилган турар жойлар давлат уй-жой фондига киритилади ва ўз мақсадида фойдаланиш, шу жумладан ижара шартномаси шартларида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бўлган фуқароларга бериш учун шаҳар (туман) ҳокимлиги ихтиёрига ўтади деб кўрсатилган.

        ФКнинг 187-моддасига ҳам худди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 январдаги №8-сонли қарори билан тасдиқланган “Эгасиз турар жойларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартиби тўғрисида Низом”нинг қоидаларига ўхшаш “ҳисобга қўйилган кундан бошлаб” қоидасини киритиш керак, яъни шунда ҳақиқатда мулкдор бўлмаган шахснинг қонуний ва инсофли ҳаракат қилаётганлигига баҳо бериш мумкин.      

        Чет давлатлар қонунчилигига назар ташлайдиган бўлсак, Полша, Австрия, Хорватия давлатларининг қонунчилигида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ҳақидаги гапирилганида албатта “қонуний ва инсофли” сўзлари ишлатилади. Шунинг учун, ФКнинг 187-моддасига “қонуний ва инсофли” сўзларини киритиш керак.

         Хулоса ўрнида, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси 2-қисмини: “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши ва эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатда туфайли мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши мумкин” деб ўзгартириш киритиш керак.

        Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги ЎРҚ–336-сонли «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 2-моддасида хусусий мулк ҳуқуқи кўрсатилган бўлиб, унга кўра, “ ... Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши ва эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатда туфайли мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши мумкин” деб ўзгартириш киритиш керак.

        Учинчидан,         Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисмини, “Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулк ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ўн икки йил давомида ёки бошқа мол-мулк ҳисобга қўйилган кундан бошлаб уч йил давомида мулк ҳуқуқини қўлга киритиши қонуний ва инсофли бўлса ҳамда ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат)” деб ўзгартириш киритиш керак.

        Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатилган бўлиб, унинг 6-қисми билан тўлдириб қуйидагича “Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатлар асосида мулк ҳуқуқи кўчмас мол-мулкка ва бошқа мол-мулкларга нисбатан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эътироф этилади. Агар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эътироф этиш рад этилса, иш маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади” деб тўлдириш керак.

                

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Instagram | Youtube | Telegram