Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
УЙ-ЖОЙ ҚОНУНЧИЛИГИДА АНАЛОГИЯ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР
2022-11-10 17:36:05 1318
Уй-жойдан мажбурий тартибда кўчириш ҳақидаги низоларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари номли 172-моддасини қўллаш ҳолатлари учрамоқда. Мазкур моддани уй-жой низоларига қўллаш масаласида турлича ёндашувлар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Баъзилар уй-жой муносабатларини тартибга соладиган норма уй-жой қонунчилигида мавжуд бўлмаса умумий асосларда фуқаролик қонунчилиги нормаларини қўллаш мумкин деб ҳисобласалар, бошқалар эса бунга қарама қарши ўлароқ уй-жой қонунчилигида фуқаролик қонунчилигини тўғридан-тўғри қўллаш кўрсатилган бўлсагина қўлланилиши мумкинлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришмоқда. Ушбу масала баҳс талаб мавзу деб ҳисоблайман. Шунинг учун, ушбу масалалар ҳақида айрим мулоҳазаларни билдирдим.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 172-моддасида мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт деб кўрсатилган.
Уй-жой муносабатларига фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилиши мумкинми деган ўринли савол туғилади.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 2-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисмига кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади. Мазкур моддасининг 5-қисмига кўра, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларга жавоб берадиган оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)нинг 2-моддасида Ўзбекистон Республикаси гражданлик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатлар кўрсатилган бўлиб, унинг 4-қисмига кўра, оила, меҳнат, ерга оид муносабатлар, сувдан фойдаланиш бўйича бўладиган муносабатлар, шунингдек колхозларда уларнинг уставидан келиб чиқадиган муносабатлар, тегишинча, оила, меҳнат, ер, сув ва колхоз қонунлари билан тартибга солинади деб кўрсатилган.
Қонуншунос Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодекси (1963 йилдаги таҳрири)нинг 2-моддасидан фарқли ўлароқ, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддасида оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилишини белгилаб берган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш кўрсатилган бўлиб, ушбу Кодекс 2-моддасининг биринчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги). Кўрсатиб ўтилган ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади. Фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди деб кўрсатилган.
Ижтимоий муносабатлар абадий ва ўзгарувчан бўлиб, давр ўзгариши билан баъзи муносабатлар ўз аҳамиятини йўқотади, уларни ҳуқуқий тартибга солиш учун зарурият ҳам қолмайди. Вужудга келган янги муносабатлар янги ҳуқуқий қоидаларни белгилашни талаб қилади. Ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган турли хил муносабатларнинг барчасини қонун-қоидалар билан тўлиқ қамраб олиш, муайян ўлчовга, янги қолипга солишнинг имконияти йўқ. Шулар ҳисобга олинган ҳолда амалдаги Фуқаролик кодексига “Фуқаролик қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш” ҳақида янги модда (5-модда) киритилган. Ушбу моддага мувофиқ фуқаролик ҳуқуқининг предметини ташкил қилувчи мулкий ва шахсий муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган тақдирда, фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади.
Фуқаролик кодекси ва Оила кодекси қабул қилиниши билан фуқаролик қонун ҳужжатларининг оилавий муносабатларга нисбатан қўлланилишини тартибга солишда муҳим ўзгариш юз берди. Аввалги Гражданлик кодексига мувофиқ, оилавий муносабатларга нисбатан фуқаролик ҳуқуқ нормаларини қўллашга қонунда бевосита назарда тутилган (ҳавола қилиш принципи) ҳолатлардагина йўл қўйиларди. 1963 йилдаги Гражданлик кодекси 2-моддасининг 4-қисмига биноан, оилавий муносабатларни фақат оила қонунлари билан тартибга солиш мумкин эди. Янги Оила кодекси оилавий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашни чекламайди. Асосий талаб фуқаролик ҳуқуқ нормалари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-моддаси оилавий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатларининг қўлланилиши кўрсатилган бўлиб, унга кўра, оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган оила аъзолари ўртасидаги мулкий ва шахсий номулкий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаган тақдирдагина қўлланилади деб кўрсатилган.
Мазкур модданинг қоидасига кўра, оилавий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашни инкор этмайди. Фақат фуқаролик қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаслиги лозим. Демак, зид келиш ёки келмаслиги оила қонун ҳужжатларига нисбатан эмас, балки оилавий муносабатларнинг моҳиятига нисбатан талаб қилинади. Бундай чеклашга сабаб, оилавий муносабатлар фуқаролик муносабатларига қараганда ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, оилавий муносабатлар одатда ҳақ эвазига амалга оширилмайди ва бозор муносабатларидан холи холда таркиб топади.
Юридик фанлар доктори, профессор Ҳ.Раҳмонқулов ўзининг “Ҳуқуқ тизими” номли ҳуқуқий адабиётида “Уй-жой ҳуқуқининг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тизимидаги мустақил комплекс ҳуқуқ соҳаси сифатида эътироф этиш мувофиқдир” деб таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 1-моддасида уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари кўрсатилган бўлиб, унинг 2-қисмига кўра, агар уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган бўлса, ерга оид қонун ҳужжатлари ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ана шу муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисми қўлланилади деб кўрсатилган.
Бунда Фуқаролик кодекси қўллаш назарда тутилмаган. Фақат Уй-жой кодексида тўғридан-тўғри Фуқаролик кодекси қоидаларини қўллаш кўрсатилган ҳоллар бундан мустаснодир.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 14, 36, 94, 114, 115, 122-моддаларида тўғридан-тўғри Фуқаролик кодекси қоидалари қўлланилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг уй-жойдан кўчиришга оид моддаларида тўғридан-тўғри Фуқаролик кодекси қоидалари қўлланилиши кўрсатилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодексининг (1963 йилдаги таҳрири) 30-бобида “Турар жой ижараси” кўрсатилган бўлиб, ушбу боб 325-376-моддаларни ўз ичига олган. Мазкур Гражданлик кодексининг 367-376-моддаларда уй-жойдан кўчириш қоидалари ўз аксини топганлиги сабабли, 1984 йилгача уй-жойдан кўчириш ҳақидаги низоларни кўрганда судлар фақат Гражданлик кодекси қоидаларини қўллаб келган. Гражданлик кодексининг 326-376-моддалари Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1983 йил 28 февраль ҳамда 19 декабрь Фармонларига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Чунки, Ўзбекистон Республикасининг 1983 йил 5 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1983 йил, № 19, 320-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1983 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1983 йил № 36, 541-модда) қабул қилинган.
1983 йилда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси қабул қилинганидан сўнг 1963 йилдаги Гражданлик кодексидаги уй-жой муносабатларига оид қоидалар Уй-жой кодексидан ўрин олган. Амалдаги Фуқаролик кодексида ҳам уй-жойдан кўчириш қоидалари мавжуд эмаслигини кўриш мумкин.
Уй-жой кодексида ёки Фуқаролик кодексида уй-жой муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилиши ёки уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилишини белгиловчи нормалар мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексида Фуқаролик кодексининг 5-моддаси каби “Фуқаролик қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш” ва Оила кодексининг 7-моддаси каби “Оила тўғрисидаги ва фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшашлик бўйича қўлланилиши” кўрсатилган алоҳида моддасига ҳам эга эмас.
Шунинг учун ҳам, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар билан уй-жой ҳуқуқий муносабатларини фарқига бориш лозим. Чунки, айни ҳолатда низоли ҳуқуқий муносабат уй-жой низосидан келиб чиқаётганлигини унутмаслик лозим.
Уй-жой кодексида қонун ҳужжатларининг (аналогияси) ўхшашлиги қўлланилиши бевосита назарда тутилганлиги (УЖК 1-модда 2-қисм) сабабли хусусий уй-жой фондидаги нормаларни давлат уй-жой фондидаги нормаларга ёки давлат уй-жой фондидаги нормаларни хусусий уй-жой фондидаги нормаларга татбиқ қилиб қилиб бўлмайди. Шунингдек, уй-жой муносабатларига Уй-жой кодексида тўғридан-тўғри Фуқаролик кодекси қоидаларини қўллаш назарда тутилган бўлсагина қўлланилади.
Шунингдек, РФнинг ПЛ қарорларида баъзи бир жиҳатлари ёритиб берилган бўлса-да, миллий қонунчилигимиз билан РФнинг қонунчилиги ўртасида фарқлар борлигини унутмаслигимиз керак. Мисол учун: РФда 29.12.2004 йилда тасдиқланган Уй-жой кодексининг 7-моддасида уй-жой қонунчилигини ўхшашлик бўйича қўллаш каби моддаси мавжуд бўлиб, бизнинг Уй-жой кодексида эса бу каби модда мавжуд эмас.
Амалиётда эса уй-жой муносабатларига Уй-жой кодексида тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса ҳам Фуқаролик кодекси қоидалари қўлланилмоқда ҳамда хусусий уй-жой фондидан кўчириш ҳақидаги даъво аризаларни кўришда қонун ўхшашлигини (ФК ва ФПК) қўллаб, давлат уй-жой фондига оид нормалардан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учратиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекснинг 8-моддасида уй-жой фонди турлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, уй-жой фонди хусусий ва давлат уй-жой фондларидан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 14.09.2001 йилдаги №22-сонли “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Қарорининг 3-бандига кўра, судлар уй-жой низоларини ҳал қилишда уй-жойнинг ҳуқуқий ҳолатини, унинг хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишлилигини аниқлашлари лозим деб кўрсатилган.
Демак, уй-жойдан кўчириш ҳақидаги даъво аризани кўришда уй-жойнинг ҳуқуқий ҳолатини, унинг хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишлилигини аниқлаш, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида ишни кўришда амал қилиниши лозим бўлган қонунни аниқлаш яъни агар уй-жой хусусий уй-жой фондига кирса Уй-жой кодексининг хусусий уй-жой фондига оид нормаси, уй-жой давлат уй-жой фондига кирса Уй-жой кодексининг давлат уй-жой фондига оид нормаси қўлланилишини лозим бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 14-моддасида ишларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш кўрсатилган бўлиб, унинг 2-қисмига кўра, низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади деб кўрсатилган.
Қонун чиқарувчи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 1-моддаси 2-қисми ва ФПКнинг 14-моддаси 2-қисмида аналогия қоидасини белгилаб берган. Биринчиси моддий ҳуқуқ нормасидаги аналогия бўлса, иккинчиси процессуал ҳуқуқ нормасидаги аналогия.
Моддий ҳуқуқ нормасидаги аналогия процессуал ҳуқуқ нормасидаги аналогиядан устун туради. Буни бошқача талқин қилиш мумкин эмас. Қачонки моддий ҳуқуқ нормасида аналогия қоидалари белгиланмаган бўлсагина, процессуал ҳуқуқ нормасидаги аналогиядан фойдаланиш мумкин.
Низоли уй-жой хусусий уй-жой фондига тегишли бўлганлиги сабабли, хусусий уй-жой фондидан кўчириш қоидалари Уй-жой кодексида алоҳида модда тарзида кўрсатилмаган, бироқ Уй-жой кодексида шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи моддалар давлат уй-жой фонди қоидаларида назарда тутилган.
Хусусий уй-жой фондидан кўчириш ҳақидаги низони ҳал қилишда ФПКнинг 14-моддаси 2-қисмини қўллаб, давлат уй-жой фондига оид қоидалардан фойдаланиб бўлмайди. Чунки, Уй-жой кодекснинг 1-моддаси 2-қисмидаги аналогия қоидалари ФПКнинг 14-моддаси 2-қисмидаги аналогиядан фойдаланишга тўсиқ бўлади.
Айни ҳолатда, хусусий уй-жой фондидан кўчириш ҳақидаги қоидалар Уй-жой кодексида алоҳида моддалар тарзида кўрсатилмаган. Бироқ, Уй-жой кодексининг хусусий уй-жой фонди қоидаларда мазкур муносабатларга ойдинлик киритилган.
Бир қарашда ФПКнинг 14-моддаси 2-қисми кенг имкониятлар тақдим қилаётганга ўхшайди. Бироқ, бу имконият ҳамма муносабатларга ҳохлаган нормани қўллашни англатмайди.
Мисол учун, ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг “5-модда фуқаролик қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш”, Оила кодексининг “7-модда оила тўғрисидаги ва фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшашлик бўйича қўлланилиши” ва Уй-жой кодексининг “1-модда 2-қисми уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари” каби нормалар мавжуд бўлмаган бошқа қонун ва қонун ости ҳужжатларига тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексида Фуқаролик кодексининг 5-моддаси ва Оила кодексининг 7-моддаси каби қонун ҳужжатларини ўхшашлик бўйича қўллаш ҳақида алоҳида моддалари мавжуд бўлмаса-да, Уй-жой кодексида аналогия қўлланилиши бевосита кўзда тутилган бўлиб, бу қоидани, Уй-жой кодексининг 1-моддаси 2-қисмида кўриш мумкин, яъни унга кўра, агар уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган бўлса, ерга оид қонун ҳужжатлари ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ана шу муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисми қўлланилади деб белгиланган.
Қонуншунос бунда Уй-жой кодексининг қонун ҳужжатларининг аналогияси (ўхшашлиги)га Фуқаролик кодекси ва Оила кодексига ўхшаб кенг имкониятлар бермаганлиги ва қатъий белгилаб қўйганлиги кўриниб турибди.
Хулоса ўрнида, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексида уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилишини белгиловчи норма мавжуд эмаслиги сабабли Фуқаролик кодексининг мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари номли 172-моддаси уй-жой низоларига қўлланилмайди. Уй-жой кодексида тўғридан-тўғри Фуқаролик кодексининг қоидаларини қўллаш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Иккинчидан, Уй-жой низоларини ҳал қилишда уй-жойнинг ҳуқуқий ҳолатини, унинг хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишлилигини аниқлаб, уй-жой хусусий уй-жой фондига кирса Уй-жой кодексининг хусусий уй-жой фондига оид нормаси, уй-жой давлат уй-жой фондига кирса Уй-жой кодексининг давлат уй-жой фондига оид нормаси қўлланилишини керак.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексига “Уй-жой қонунчилигини ўхшашлик бўйича қўллаш” номли 61- моддаси “1.Уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тартибга солинмаган ва бундай муносабатларни бевосита тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, моҳияти жиҳатидан ушбу муносабатларга зид келмайдиган уй-жой тўғрисидаги ва (ёки) фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормалари (қонун ўхшашлиги) қўлланилади. 2.Агар қонун ўхшашлигини ишлатиш имконсиз бўлса, уй-жой муносабатлари иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари уй-жой қонунчилигининг умумий тамойилларига таянган ҳолда (ҳуқуқ ўхшашлиги), шунингдек, инсонийлик, оқиллик ва адолат тамойилларига амал қилган ҳолда белгиланади” деган янги таҳрирдаги моддани киритиш керак.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Instagram |
Youtube |
Telegram