Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
БЎСТОНДА НИМА ГАПЛАР?
2020-08-04 12:30:01 1302
Бугунги таҳликали кунларда чегара ҳудудлари ва унинг аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш муҳим масалалардан биридир. Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов бугун бўстонликлар билан учрашиб, маҳалла фуқаролари фаоллари билан дилдан суҳбатлашди. Самимий ва очиқ кўнгиллик билан бўлиб ўтган мулоқотда туман ҳокими чегара ҳудудида яшовчи фуқароларнинг яшаш жойларига нисбатан мулкий ҳуқукларини тиклаш ҳамда чегара назорати масаласида қайта-қайта тўхталагани ҳам бежиз эмас.Фарғона тумани қўшни Қирғизистон билан чор томонидан чегарадош. Водил шаҳарчасидаги Бўстон МФЙ эса 3,5 километрлик чегарага эга. Маълумки, чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга. Буни бўстонликлар яхши билишади. Бугунги кунда ҳудудда 506 та хонадон бўлиб, уларда 2730 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 50та оиланинг хонадонлари эса чегара ҳудудига тўғри келади. Азал-азалдан Фарғона туманининг Бўстон МФЙ аҳолиси қирғизлар билан ёнма-ён яшаб, бир ариқдан сув ичган,
қуда-анда бўлиб кетган, қадрият ва анъаналари, ҳатто орзу-мақсадлари муштарак бўлиб, ҳозирда эса халқнинг аҳиллигига соя ташлаётган айрим муаммоларни ижобий ҳал этилиши дозарб бўлиб қолмоқда. Тадбирда қишлоқнинг обрўли отахони Машраб ҳожи Ҳайдаров биринчи бўлиб сўз олиб, туман ҳокими Шуҳратжон Мўминов ташрифи билан қутлаб, унинг фаолиятига муваффақиятлар тилади. Бу ерда сўзга чиққан Улуғбек Тешабоев, Собиржон Дадабоев, Тилаболди Мадраҳимов, Муроджон Шокиров, Мабудахон Воҳидова ва бошқалар ҳудудда тозалик, йўлларга асфальт ётқазиш, болалар спорт майдончасини ташкил қилиш, кўчаларга электр чироқлари ўрнатиш , кутубхона очиш, маҳалладаги бўш турган бинони болаларга боғчасига ажратиб беришини сўраб, туман раҳбарига мурожаат қилдилар. Аксарият фуқароларнинг сўровлари шу ернинг ўзида ҳал қилиниб, қолганлари бажариш учун назоратга олинди. – Ота-онам йўқ. Соғломман. Ҳарбий хизматга бориб йигитлик бурчимни адо этишим керак. Ўзим коллежни битирганман. Вақтинча ишсизман, – дейди Жавоҳир Ибрагимов.
Туман ҳокими ёш йигитни эртагаёқ иш билан таъминлаш орқали, унинг ҳақиқий ватанпарвар бўлиб етишишига умид боғлади.Бўстон кўчаси, 118-уйда яшовчи Раҳматулла Раҳимов, Қир кўчаси 23-уйда яшовчи Дилоромхон Мирзааҳмедова ва бошқалар уй-жойларига нисбатан бўлган эгалик ҳуқуқларини тиклаш, чегара қўшинларини бугунги кундаги чегара назорат йўналишини ўзгартириш юзасидан мурожжат билан чиқдилар.Учрашув сўнгида туман ҳокими йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилиб, уларни карантин қоидаларига қатъий риоя қилишларини кексалар ва болаларни эҳтиёт қилишлари, Коронавирусга қарши курашда туман раҳбарияти ҳар бир фуқаро билан исталган вақтда тўғридан-тўғри мулоқотга тайёрлигини билдирди.Қишлоқ нуронийлари туман ҳокимига ўз миннатдорчиликларини билдириб, дуога қўл очдилар.
Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.