Шрифт ўлчами Ранг Расм

Ижтимоий тармоқлар

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 17 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИДАН БЎШАТИЛГАН ШАХСЛАР УСТИДАН ИЧКИ ИШЛАР ИДОРАЛАРИНИНГ МАЪМУРИЙ НАЗОРАТИ

×

 2022-12-28 12:07:59    522

PDF юклаш
Чоп этиш



Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тарбиявий олдини олиш таъсир чораларининг мажмуини ифодалаб, назорат остидагиларга нисбатан 1992 йил 09 декабрь куни қабул қилинган ва 1999 йил 20 август куни ўзгартиришлар киритилган “Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган чеклашларни қўллашдан иборат бўлади.

Маъмурий назоратнинг асосий мақсади илгари судланганлар томонидан такрор жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, уларда ижобий ижтимоий йўлга кириб олишини шакллантиришдан иборатдир.

Маъмурий назорат ўрнатилиши ва амалга оширилиши назорат остидаги кишининг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги, унинг инсоний қадр-қимматини камситмаслиги, иш, ўқиш ва истиқомат жойида обрўсини тўкмаслиги лозим.

Маъмурий назорат вояга етган қўйидаги шахсларга нисбатан ўрнатилади:

а) оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан, агар уларнинг жазони ўташ давридаги хулқ-атвори тузалиш ва ҳалол меҳнат қилиб кун кечириш йўлига ўтишни асло истамаганликларидан далолат берса;

б) оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан, агар улар жазо муддатини ўтаб бўлганларидан сўнг ички ишлар идораларининг жамият учун зарарли кун кечиришни тўхтатиш тўғрисидаги огоҳлантиришига қарамай, жамоат тартибини мунтазам бузаётган ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказаётган бўлсалар;

в) ўта оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга нисбатан.

Маъмурий назорат остига олинган шахсларга нисбатан қуйидаги чеклашлар қўлланилиши мумкин:

а) кунинг ички ишлар идоралари белгилаб қўйган вақтида уйдан чиқиб кетишини тақиқлаш;

б) туман (шаҳар)нинг муайян жойларида бўлишини тақиқлаш;

в) ички ишлар идораларининг рухсатисиз туман (шаҳар)дан ташқарига чиқиб кетишни тақиқлаш;

г) рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача милицияга келиб учрашиш.

Юқорида кўрсатилган чеклашлар назорат остида бўлган шахснинг турмуш тарзига, оилавий аҳволига, аввалги судланганлигига ва унинг шахсини тавсифловчи бошқа ҳолатларга қараб тўла ҳажмда ёки айрим-айрим йўсинда қўлланилади.

Чеклашлар рўйхати узил-кесил ҳисобланади, унга қўшимчалар қилиш ёки кенгайтириб шарҳлаш мумкин эмас.

Маъмурий назоратни амалга ошириш назорат остидаги кишининг истиқомат жойидаги ички ишлар идораларига юклатилади.

Судьянинг қарори маъмурий назоратни ўрнатиш учун асос ҳисобланади.

Маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўгрисидаги асосли тақдимнома судга қуйидагилар томонидан юборилади:

а) огир жиноятлар содир этганлик учун ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ва ундан кўпроқ марта ҳукм этилган, жазони ижро этиш муассасаларида турган шахсларга нисбатан, - жазони ижро этиш муассасаси бошлиги томонидан, маҳкумнинг тузалиш ва ҳалол меҳнат қилиб кун кечириш йўлига ўтишни асло истамаганлигидан далолат берувчи материаллар бўлган тақдирда, озод этишдан камида бир ой олдин;

б) ўта огир жиноятлар содир этганлик учун жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларга нисбатан, - жазони ижро этиш муассасаси бошлиги томонидан, озод этишдан камида бир ой олдин;

в) жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахсларга нисбатан, - ички ишлар идораси бошлиги томонидан, шахс жазони ижро этиш муассасасидан бўшатилганидан кейин жамият учун зарарли тарзда кун кечираётганлигидан далолат берувчи материаллар асосида.

Маъмурий назоратни ўрнатиш тўғрисидаги масала судья томонидан тақдимнома олинган пайтдан бошлаб 10 кундан кечикмай ҳал қилинади. Маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорда назорат белгилашга нималар сабаб бўлганлиги, назорат муддати, назорат остидаги шахсга нисбатан қўлланиладиган чеклашлар, агар маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатишда белгиланган бўлса, унинг танланган яшаш жойига етиб келиш муддати кўрсатилади.

Маъмурий назоат олти ойдан бир йилгача муддатга белгиланган. Маъмурий назорат муддати ички ишлар идораларининг тақдимномасига биноан ҳар сафар яна олти ойга узайтирилиши мумкин, лекин узайтирилган назорат муддати мазкур жиноят учун белгиланган судланганлик муҳлатининг тугаши ёки судланганликнинг олиб ташланиши учун қонунда назарда тутилган муддатлардан ошмаслиги лозим. Назорат остидаги шахс ўзига белгиланган вақт ичида тузалиш йўллига ўтмаган, жамоат тартибини бузаётган, фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказаётган ёки ўзига нисбатан қўлланилаётган чеклашларга риоя этмаётган тақдирда маъмурий назорат муддатини узайтиришга йўл қўйилади.

Чеклашлар рўйхати назорат остидаги кишининг шахси, унинг турмуш тарзи ва хулқ-атворига қараб, қонунда назарда тутилган чеклашлар доирасида қисқартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.

Маъмурий назорат остига олинган шахсларнинг фотосурати олинади ва ички ишлар идораларида ҳисобга олиб қўйиладилар. Зарур ҳолларда назорат остида бўлган шахсларнинг бармоқлари излари бостириб олинади. Маъмурий назорат остида бўлган ҳар бир шахс тўғрисида назорат дафтари юргизилади.

Ички ишлар идоралари ходимлари маъмурий назоратни амалга оширишда:

а) назорат остига олинганларнинг хулқ-атворини улар яшаётган ва ишлаётган жойда мунтазам назорат қилиб боришлари;

б) назорат остига олинганларни танланган истиқомат жойида прописка қилиш ва уларни ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш юзасидан зарур чоралар кўришлари;

в) улар томонидан жамоат тартиби бузилиши, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига путур етказилишини олдини олишлари ҳамда йўл қўймасликлари;

г) уларга нисбатан белгиланган чеклашлар бузилганлиги тўғрисида қонунда белгиланган тартибида баённомалар ёзишлари шарт.

Милиция ходимлари маъмурий назоратини амалга оширишда:

а) назорат остига олинган шахснинг хулқ-атвори тўгрисида иш берувчидан, мазкур шахс ўқиётган жойнинг маъмуриятидан, у яшаётган жойдаги жамоат бирлашмаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан, шунингдек фуқаролардан маълумотлар талаб қилиб олиш; б) назорат остида бўлган шахсни ишга жойлаштириш ва унга турмуш шароити яратиб бериш тўғрисида тегишли давлат, жамоат ва хўжалик ташкилотлари олдига масала қўйиш;

в) назорат остига олинган шахсни суҳбат учун милицияга чақириш, зарурат бўлганда бундай суҳбатларни иш берувчининг, жамоат бирлашмаси ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари, назорат остига олинган шахснинг қариндошлари, шунингдек суҳбат мавзуига алоқадор шахслар иштирокида ўтказиш;

г) назорат остида бўлган шахсдан маъмурий назорат қоидаларини ижро этиш билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

д) назорат остида бўлган шахснинг турар жойини соат 6 дан 22 га қадар бориб кўриш ҳуқуқига эгадирлар.

Маъмурий назоратни амалга ошириш юзасидан айрим тадбирларни ўтказишда ички ишлар идораларига ёрдам бериш учун ички ишлар идораларининг штатсиз ходимлари ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари жалб қилиниши мумкин.

Маъмурий назоратдан бош тортаётган шахсларни қидириш судья қарорига биноан милиция томонидан амалга оширилади.

Маъмурий назорат қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

а) маъмурий назорат олиб бориш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин, агар уни узайтиришга асос бўлмаса;

б) муддатидан илгари, башарти назорат остида бўлган шахс тузалиш йўлига қатъиян ўтганлиги, ишда ва турмушда ўзини яхши томондан кўрсатганлиги аниқланган бўлса;

в) назорат остида бўлган шахснинг судланганлик муҳлати тугаган ёки судланганлиги олиб ташланган ҳолларда.

Маъмурий назорат остига олинган шахслар белгиланган чеклашларни бузганлари тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Маъмурий назоратдан бўйин товлаб истиқомат жойидан ўзбошимчалик билан кетиб қолган, шунингдек маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилаётганда белгиланган ҳолларда танланган истиқомат жойига муайян муддатда узрли сабабларсиз етиб келмаган назорат остидаги шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиладилар.


Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг судьяси Б.Мамажонов


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook | Instagram | Youtube | Telegram